Янгиликлар
Янгиликлар
2024-12-17
Мамлакатимизда давлат ва жамият бошқарувининг турли соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш борасида кескин ва муросасиз кураш олиб боришга жиддий киришилди. Шунга қарамай, мазкур иллат давлатнинг айрим соҳаларида учраётганлиги мамлакатимизнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларга албатта ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб келмоқда. Коррупция нафақат мамлакатга моддий йўқотиш олиб келади, балки тадбиркорлик ривожига, қонун устуворлигини шакллантиришга тўсқинлик қилади, жамиятда ижтимоий кескинликни, ҳокимиятга ишончсизликни келтириб чиқаради, ҳалокатли оғир оқибатларга олиб келади.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Давлат тизимини ичидан емирадиган, ижтимоий барқарорлик кушандаси бўлган коррупция балосига қарши, бюрократиянинг ҳар қандай кўринишларига, одамларни менсимаслик, маҳаллийчилик ва гуруҳбозлик иллатларига қарши барчамиз кескин кураш олиб боришимиз керак”, дея алоҳида таъкидлаганлари унинг нақадар хавфли иллат эканлигини кўрсатади. Коррупция ва порахўрлик жамият барқарорлигининг муҳим асоси бўлган адолатнинг йўқолишига олиб келади. Мамлакатимиз мустаҳкамлиги, халқимиз фаровонлиги, юртнинг ривожи ва гуллаб яшнашини, обод бўлишини истаган ҳар бир фуқаро пора олиш ва бериш иллатидан халос бўлиши, бир сўз билан айтганда “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланиши керакдир.
Бугунги кунда айрим соҳаларда фаолият юритаётган баъзи нопок ходимлар ўз манфаатларини кўзлаб, кредит олишда, бюджет маблағларини тақсимлашда, минг афсуски, ноқонуний ишларга аралашиб қолаётганликларини гувоҳи бўлаяпмиз. Халқимиз “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади” деб бежиз айтмаган. Содир этилган ҳар қандай коррупциявий жиноят сирлигича қолмайди, албатта ошкор бўлади. Шунинг учун мен сизларни огоҳлантириб ўтмоқчиман, ҳар қандай жиноят учун жазо муқаррардир, буни ҳар бир давлат хизматчиси вужуди билан ҳис қилиши, кўз олдига ота-онаси, фарзандлари ва ака-сингилларини келтиришлари керак.
Давлат хизматчиси – бу оддий ходим эмас, у давлат топшириғи ва манфаатлари бўйича унинг номидан ҳаракат қилувчи инсондир. Шунинг учун давлат хизматчиси деган юксак ҳамда шарафли номга доғ туширмаслик учун энг аввало ҳалол бўлишимиз, олдимизга қўйилган вазифаларни виждонан, ватанпарварлик туйғусини тўлиқ ҳис этган ҳолда меҳнат қилишимиз лозим бўлади. Иш фаолиятимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз муносабатда бўлиш, халқимизга ҳалол ва садоқат билан хизмат қилишни асосий бурчимиз ва вазифамиз деб, билайлик.
Фаолиятимизни қайтадан холис таҳлил қилиб, маҳаллий ижро ҳокимликлари олдига қўйилган устивор вазифаларни шахсий манфаатимиздан устун қўйган ҳолда сидқидилдан бажаришга барча куч ва салоҳиятимизни сафарбар этайлик. Давлат хизматчисининг энг аввало юраги, виждони ва қўли тоза, кўнгли очиқ, ақл ва заковат соҳиби бўлса, у албатта эл-юрт ишончини, меҳрини ва эътиборини қозона олади. Шундай экан, гўзал ва бетакрор юртимизнинг бугунги ва эртанги куни, ёруғ келажаги учун авваламбор ўзимиз масъул эканлигимизни унутмайлик.
Давлатимиз раҳбари томонидан “Тараққиёт стратегияси”да белгилаб берилган мақсадлар, шунингдек маҳаллий ижро ҳокимликлари олдига қўйилган вазифа ва топшириқлар ижросини сўзсиз ва оғишмай бажарилишини таъминлайлик. Коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борайлик
Мурожаатлар учун ишонч рақами: 70-202-06-10