Саҳифа манзили: 

Танланган матн: 

Хабар

Янгиликлар

Тошкент вилояти аҳолиси диққатига!

error

2025-07-18

Юртимизда фермерлик ва деҳқончиликни ривожлантириш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, ҳар бир қарич ерни унумли ишлатиш орқали бандликни таъминлаш ва даромадни оширишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда.

Шу мақсадда, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жойлардаги аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликларига ижарага берилган ер майдонларидан оқилона фойдаланиш, уларда юқори даромадли ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Тошкент вилоятининг 782 та маҳалласида 2025 йил учун жами 41 минг 72 гектар ерда такрорий экинлар экиш белгиланган бўлиб, бунинг 25 815 гектари аҳоли томорқалари, 15 257 гектари эса деҳқон хўжаликларига тегишлидир.

Мўлжалга кўра:

21 969 гектарга сабзавот,

2439 гектарга полиз,

4011 гектарга картошка,

6902 гектарга дукакли экинлар,

4566 гектарга озуқа экинлари,

1180 гектарга мойли экинлар экилади.

Айни пайтда, 19 902 гектар майдонда такрорий экинлар экиш ишлари бошлаб юборилган.

Ҳурматли фуқаролар!

Сизнинг томорқа ва ижара ерларингиздаги ҳар бир етиштирилган маҳсулот нафақат оилавий фаровонлигингиз, балки бутун юртимиз иқтисодиётига қўшилган ҳиссадир. Шу боис, ушбу ер майдонларидан самарали фойдаланиш — ҳам фуқаролик бурчимиз, ҳам иқтисодий имкониятимиздир.

Агарда ерлар қаровсиз қолдирилса ёки экин экиш ишлари амалга оширилмаса, қуйидаги чекловлар жорий этилади:

➖Давлат дастурлари доирасида бериладиган имтиёзли кредитлардан маҳрум этилиш;

➖Ижтимоий ҳимоя ягона реестридаги имтиёзлар тўхтатилиши;

➖«Online Mahalla» тизими орқали аниқланган ҳолатларда ер солиғи уч карра миқдорда ҳисобланади. 

Бу чекловларнинг олдини олиш учун ҳар бир фуқаро ўз ер майдонини ўз вақтида ва самарали ишлатиши, маҳалланинг иқлим ва ихтисослашувидан келиб чиқиб, юқори даромадли экинларни экиши зарур.

Барча юртдошларимизни ушбу муҳим вазифани масъулият билан бажаришга, томорқа ва ижара ерларидан унумли фойдаланишга чақирамиз.

Тошкент вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси